2 октябрь кечқурун Украина дронлари Россиянинг Сочи шаҳрига ҳужум қилгани хабар қилинди. Айни пайтда у ерда Президент Владимир Путин Валдай форуми доирасидаги пленар сессияда нутқ сўзлаган эди. Бу ҳақда хорижий ОАВлар хабар берди.
Маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан тахминан соат 22:30 да Сочи ва Геленджик аэропортлари ёпилган. Ярим соат ўтиб, Сочи шаҳар ҳокими Андрей Прошунин шаҳарга дрон ҳужуми таҳдиди ҳақида маълум қилди.
Шаҳар аҳолиси Shot телеграм-каналига ҳаво мудофаа тизимларининг Қора денгиз устидан отилганини, сирена садолари фонида портлашлар бўлганини маълум қилишди. Шунингдек, федерал ҳудуд Сириус раҳбари Дмитрий Плишкин ҳам БПЛА ҳужуми таҳдиди ҳақида хабар берди.
«Барча куч ва воситалар уни қайтаришга тайёр. Илтимос, хотиржамликни сақланг, ойналардан узоқда туринг ва хавфсиз жойга яширинганингиз маъқул», — деб ёзди у телеграмда.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2 октябрь соат 21:30 дан 3 октябрь соат 07:00 гача ПВО ва радиоэлектрон кураш кучлари Қора денгиз устидан 11 та Украина дронига, Қрим ҳудудида эса яна 4 та уринишга қарши ҳаракат қилган. Сириус ва Сочида дрон таҳдиди тахминан 30–40 дақиқа давом этган.
Шу билан бирга, Сочи ва Геленджик аэропортларидаги чекловлар 7 соат давом этган.
Россия Туроператорлари Ассоциацияси (АТОР) маълумотига кўра, жума куни тонгда Сочида 40 дан ортиқ рейслар кечиктирилган — 24 та учиш ва тахминан 20 та қўниш рейслари. АТОР маълум қилишича, жорий этилган «Ковер» режаси рейсларнинг жиддий кечикишига сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни Путин Сочидаги Валдай клубининг пленар сессиясида иштирок этди. Унинг чиқиши ва савол-жавоб қисми деярли тўрт соат давом этди ва тахминан соат 22:00 да якунланган.