Россия октябрь ойида 300 минг тонна, ноябрь ойида 500 минг тонна дизель ёқилғиси етказиб беришни, кейинчалик эса қўшимча равишда 1 миллион тонна маҳсулотни жаҳон бозорига чиқаришни ваъда қилган. Бироқ таҳлилчилар Россия ушбу ҳажмларни амалда етказиб бера олишига ҳам шубҳа билдирмоқда.
Kpler таҳлилий компанияси ҳисоб-китобларига кўра, биринчи партия кунига тахминан 73 минг баррел дизель ёқилғисига тенг. Нархларни пасайтириш учун эса бозорга ҳар куни камида қўшимча 400 минг баррел етказиб бериш зарур. Baringa таҳлилчилари эса бу кўрсаткич 850 минг баррел бўлиши кераклигини таъкидламоқда.
Ҳозирда Россия кунига тахминан 1,4 миллион баррел дизель ёқилғиси ишлаб чиқаради. Шундан 1,2 миллион баррели ички бозор эҳтиёжларини қондириш учун зарур.
Ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга тўсқинлик қилаётган омиллардан бири — Украина томонидан Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига берилаётган зарбалардир. Айрим баҳоларга кўра, мамлакатдаги нефтьни қайта ишлаш қувватларининг 45 фоизигача қисми зарарланган.
Россия президенти Владимир Путин келишув эълон қилинганидан кейин дизель ёқилғиси нархи 5–6 фоизга арзонлашганини билдирган. Бироқ ICE биржаси маълумотлари буни тасдиқламайди.
Жумладан, 12 октябрь куни бир тонна дизель ёқилғиси тахминан 1 408 доллар турган бўлса, 20 октябрга келиб унинг нархи 1 449,5 долларга етган.
Бу маълумотлар Россиянинг қўшимча етказиб беришлари ҳозирча жаҳон бозорида дизель ёқилғиси нархини пасайтирганини кўрсатмаяпти.