АҚШ Президенти Дональд Трамп Яқин Шарқда бир неча кун ичида Эронга кенг кўламли зарба беришга қодир бўлган ҳарбий флотни тўпламоқда. «Биз уларнинг ядровий дастурини йўқ қилдик. Менимча, яна бир ёки иккита объект билан шуғулланишимиз керак, бироқ биз буни ўн дақиқада амалга оширишимиз мумкин», — деди у.
Трамп эҳтимолий нишон сифатида Эроннинг Исфаҳон вилоятида, Теҳрондан тахминан 200 километр жанубда, Натанздаги ядровий объект яқинида жойлашган ва «Кирка тоғи» (Pickaxe Mountain / Коланг тоғи) номи билан машҳур бўлган ҳудудни тилга олди. Бошқа манбаларга кўра, унинг остида ядровий мажмуа жойлашган бўлиши мумкин. «Эҳтимол, Кирка тоғига эътибор қаратишга арзийди ва бу масалани ҳал қилиш керак», — деди АҚШ президенти. Эрон ҳукумати у ерда ҳеч қандай ядровий ишлар олиб борилмаётганини таъкидламоқда.
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ шошилинч қарор қабул қилмаяпти, чунки урушни тўхтатиш бўйича музокаралар «яхши» кетмоқда — бироқ эронликларни «унчалик ишончли деб бўлмайди». Давлат котиби Марко Рубио президент янги зарбалар бўйича ҳали якуний қарорга келмаганини ва Вашингтон дипломатик ечим учун очиқлигини билдирди.
Шу билан бирга, АҚШ ўз кучларини тўлиқ жанговар шайлик ҳолатига келтирмоқда. Трамп Арабистон денгизида улкан флотни — учта авиаташувчи кема, 17 та ҳарбий кема ва 20 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчини жамлади. Қўшинлар президент буйруғи берилганидан сўнг 96 соат ичида зарба беришга тайёр тутиб туририлибди. 3 ноябрдаги оралиқ сайловлардан сўнг Трамп исталган дақиқада ҳужумга буйруқ бериши мумкинлиги айтилмоқда.
Теҳрон ушбу таҳдидларга қатъий ва кескин жавоб қайтарди. 31 октябрь куни Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хаменеи олий ҳарбий қўмондонлик олдида чиқиш қилиб, шундай деди: «Ҳар қандай таҳдидга зудлик билан, самарали ва географик чегаралар билан чекланмаган жавоб берилиши шарт».
Армия вакили Моҳаммад Акраминя ҳам давлат телевидениеси орқали баёнот бериб: «Келажакдаги эҳтимолий уруш аввалги можародан кўра узоқроқ давом этиши мумкин», — деб таъкидлади. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Трамп урушнинг якунланиш муддатлари ёки шартларини диктат қилиш мавқеида эмас.