Бугун 22 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Тошкентда Узеир Ҳожибейлининг 141 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

Тошкентда Узеир Ҳожибейлининг 141 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

Тошкентда Озарбайжоннинг буюк бастакори, мусиқашунос ва педагог, миллий опера ва профессионал мусиқа санъатининг асосчиси Узеир Ҳожибейлининг таваллудининг 141 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбир Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказида XVIII Узеир Ҳожибейли халқаро мусиқа фестивали доирасида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистоннинг давлат ва жамоат арбоблари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, маданият ва санъат намояндалари, журналистлар, Озарбайжон диаспораси вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Марказ раҳбари Акиф Марифли тадбирда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. У икки халқни муштарак тарих, тил, маданият ва маънавий қадриятлар бирлаштиришини қайд этди.

Акиф Марифли Узеир Ҳожибейлининг Озарбайжон мусиқа ва театр санъати ривожидаги хизматларини алоҳида таъкидлаб, унинг ижодий мероси Ўзбекистонда ҳам катта қизиқиш билан қабул қилинаётганини билдирди.

Шунингдек, Марказ томонидан 2025 йилда ташкил этилган «Харибулбул» театр труппаси бастакор меросини Ўзбекистонда тарғиб этишга ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Тадбирда Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Маҳир Жафаров элчи доктор Рашад Маммадовнинг иштирокчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Унда икки халқ ўртасидаги тарихий, маънавий ва маданий алоқалар Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатларининг муҳим асосларидан бири экани таъкидланган.

Тадбир дастуридан Узеир Ҳожибейлининг ҳаёти ва ижодига бағишланган, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида тайёрланган хотира фильми намойиши ҳам ўрин олди.

Кечанинг бадиий қисмида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази қошидаги «Харибулбул» театр труппаси ҳамда «Қорабоғ Зафари» рақс ансамбли иштирокида Узеир Ҳожибейлининг машҳур «Аршин мол олон» опереттаси саҳналаштирилди.

Тадбир бастакорнинг бой ижодий меросини Ўзбекистонда кенг тарғиб қилиш, ёшларни Озарбайжон маданияти билан яқиндан таништириш ҳамда икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилди.

Киритилди: 18:32 17.09.2026. Ўқилди: 510 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!