Осиёнинг қатор давлатларида кучли табиий офатлар оқибатида фуқаролик тартибсизликлари юзага келиши хавфи мавжуд. Бунга Эл Нино ҳодисаси сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.
Таҳлилчилар Эл Нино билан боғлиқ об-ҳаво ҳодисалари Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни ёмонлаштириши мумкинлигини таъкидламоқда.
Вазиятни оғирлаштираётган омиллардан бири — Эрондаги уруш оқибатлари. Тўқнашувлар қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган ёқилғи ва ўғитлар етказиб берилишига салбий таъсир кўрсатган.
Индонезияда — ўрмон ёнғинлари палма ёғи ҳосилини йиғиб олишни қийинлаштирган. Ҳиндистонда эса гуруч етиштириш учун муҳим бўлган муссон ёмғирлари миқдори меъёрдан қарийб 15 фоизга кам. Таиландда шакар ҳосили камайиши кутилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, Афғонистон ва Мьянмада озиқ-овқат билан боғлиқ янги зарба гуманитар инқироз хавфини ошириши мумкин.
Тадқиқотда озиқ-овқат хавфсизлигининг ёмонлашуви ва фуқаролик тартибсизликлари хавфи юқори бўлган давлатлар қаторига Ҳиндистон, Индонезия, Филиппин, Бангладеш ва Покистон киритилган.
Ҳисоботда айтилишича, агар озиқ-овқат нархлари ва унинг мавжудлиги билан боғлиқ босим кучайса, ҳукуматлар эса вазиятга самарали жавоб қайтара олмаса, ушбу давлатларда тартибсизликлар ва сиёсий беқарорлик юзага келиши мумкин.