Эрон АҚШ томонидан янги ҳужум амалга оширилса, “янги имкониятларга эга қуроллар” қўлланиши ҳақида огоҳлантирди. Тегишли баёнот Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп ўтган дам олиш кунларида Теҳронга нисбатан риторикани кескинлаштирганидан сўнг берилди.
"Агар янги тажовуз содир бўлса, биз шубҳасиз қуролларни ҳамда уруш географиясини ўзгартирамиз", — деди Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакили Ҳусайн Муҳиббий Fars ахборот агентлигига берган интервюсида.
Муҳиббий бу янги қуроллар нималардан иборатлиги ва қайси янги ҳудудларга зарба берилиши мумкинлигига аниқлик киритмади.
Шу билан бирга, Трамп урушни қандай давом эттириш бўйича ҳалигача бир қарорга келмаганини айтди. АҚШ президенти ҳам ўз навбатида Эронга таҳдид қилиб, ўзининг урушни тугатиш вариантлари орасида мамлакатни йўқ қилиб ташлаш, уларни иқтисодий жиҳатдан ҳолдан тойдириш ёки келишув тузиш кабилар борлигини маълум қилди.
"Бутун бир миллатни йўқ қилиб юборишим мумкин. Улар ўзларини яхши тутганлари маъқул", — деб огоҳлантирди Трамп.
Трамп олдинроқ БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Эрон президенти Масъуд Пизишкиён билан учрашишга катта эҳтимол билан тайёрлигини айтган эди. Учрашув ўтказиш имконияти Эрон билан деярли етти ойдан бери давом этаётган урушни ҳал қилишга нисбатан кичик умид уйғотди.