Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида қабристон ҳудудига зарар етказилиши билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Қонунбузарликка йўл қўйган қурилиш ташкилоти 88 миллион сўм жаримага тортилди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси маълумотига кўра, воқеа Султонали Машҳадий маҳалласидаги тадбиркорлик объектига қўшимча бино барпо этиш жараёнида содир бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан сўнг ўтказилган текширувда қурилиш ишлари зарур рухсатномаларсиз ва шаҳарсозлик талабларига риоя этилмаган ҳолда бошлангани аниқланган.
Ер қазиш вақтида қурувчиларнинг эҳтиётсизлиги сабаб қабристон девори ва бир нечта қабр шикастланган.
Қоидабузарликлар юзасидан қурилиш ишлари тўхтатилди. Масъул ташкилотга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, яъни 88 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима белгиланди.