Самарқанднинг тарихий мероси ҳақида Эрон дипломатлари тарқатган маълумотлар Ўзбекистоннинг расмий эътирозига сабаб бўлди. Тошкент Эрондан баҳсли материалларни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлашни талаб қилди.
23 октябрь куни Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга норозилик нотаси топширилди.
Дипломатик келишмовчилик АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифидан кейин бошланган. Эроннинг Арманистон, Зимбабве ва Болгариядаги дипломатик ваколатхоналари X ижтимоий тармоғида Регистон майдонига оид материаллар тарқатиб, шаҳарнинг меъморий меросини форс ва Эрон-ислом цивилизацияси билан боғлаган.
Ўзбекистон ТИВ мазкур чиқишларни Самарқанд тарихини бирёқлама ва сиёсий мақсадларда талқин қилиш сифатида баҳолади.
Вазирлик Самарқанд, Бухоро, Хива ва мамлакатнинг бошқа қадимий шаҳарлари мероси асрлар давомида турли маданий таъсирлар асосида шаклланганини таъкидлади. Шунингдек, Самарқанднинг тарихий қиёфаси ўзбек халқининг давлатчилик анъаналари ва кўп асрлик маданий тараққиётини акс эттириши қайд қилинди.
Ўзбекистон томони Эрон дипломатик ваколатхоналаридан тегишли постларни ўчириш ҳамда келгусида шунга ўхшаш ҳолатларга йўл қўймасликни сўради.
ТИВ икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни қадрлашини, бироқ миллий тарихий-маданий мерос масаласида қатъий позициясини сақлаб қолишини билдирди.