АҚШ Эрон томонидан эҳтимолий ҳужумлар тайёрланаётгани ҳақидаги разведка маълумотлари ортидан Яқин Шарқдаги айрим дипломатлари ва уларнинг оила аъзоларини шошилинч равишда эвакуация қилмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълумотларга кўра, эвакуация жараёни тартибсиз кечмоқда. Чунки айрим дипломатлар Эрон билан уруш авж олган пайтда ҳудуддан олиб чиқилиб, яқиндагина ўз иш жойларига қайтган эди.
23 октябрь куни АҚШ давлат котиби Марко Рубиога юборилган ҳужжатда разведка Эроннинг америкалик ходимларга қарши ҳужум уюштириш ҳаракатлари сезиларли даражада фаоллашганини аниқлагани қайд этилган.
Шунингдек, ҳужумларга тайёргарлик Яқин Шарқ ва айрим бошқа мамлакатларда илғор босқичга етгани таъкидланган.
АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонидан зарур бўлмаган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини олиб чиқишни буюрган. Бошқа бир қатор мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналар ходимлари сони ҳам қисқартирилмоқда.