Бугун 31 март, 2025 йил, душанба

O'ZB

Тиббий суғурта тизими жойларда қандай татбиқ этилмоқда?

Тиббий суғурта тизими жойларда қандай татбиқ этилмоқда?

Соғлиқни сақлаш соҳаси трансформацияси жараёнида тиббий суғурта тизимини амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани бежиз эмас. Зеро, бу билан соҳани халққа яқинлаштириш, аҳолини қўллаб-қувватлашни тизимли йўлга қўйиш ва пировардида “Инсон қадри устувор” тамойили ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин топишига эришиш мақсад қилинган.

Бу борада Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Хўш, жойларда бу борадаги ишларнинг бориши қай ҳолатда?

Соғлиқни сақлаш вазири А. Худаяров раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа йиғилишида айни масала чуқур таҳлил қилинди.

Тадбирда вазирлик мутасаддилари, тегишли ташкилотлар вакиллари, жойлардаги студиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоятлар бошқармалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари масъуллари қатнашди.

Йиғилишда айни мавзу бўйича вазир ўринбосари Фаррух Шарипов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, келтирилган қарорда тиббий суғурта тизими қайси ҳудудда қачон татбиқ этилиши белгилаб берилган.

Унга кўра, ўтган йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида мазкур тизим ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Жойларда муайян ютуқлар баробарида, зудлик билан ҳал этилиши керак бўлган муаммолар ҳам кузатилаётир.

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан шу йилнинг январь-февраль ойларида ўтказилган ўрганиш жараёнида ҳам бир қатор камчиликлар аниқланди.

Хусусан, Сирдарё вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан январь-февраль ойларида беморларни қабул қилиш, тиббий кўрик ва маслаҳат бериш вазифалари 51 фоизга бажарилган. Тиббий-профилактик хизматларни кўрсатиш, профилактик кўриклар ҳамда скрининг, диагностик ва лаборатор текширувлар йўналишларида ҳам паст кўрсаткичлар кузатилган.

Тиббиёт муассасалари раҳбарлари томонидан иш жараёни тўғри ташкил этилмагани боис аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар кафолатланган даражада кўрсатилмаяпти. Ёмони, бюджет маблағи самарасиз ишлатилишига олиб келмоқда.

Яна бир мисол. Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси ички дорихонаси омборида эҳтиёжи аниқ бўлмаган 299 млн. 988,4 минг сўмлик дори-дармон ва тиббий буюмлар ҳамда 4 мингдан зиёд шприцлар ишлатилмасдан тургани аниқланган. Ҳудуд аҳолиси эса шу турдаги дори воситалари ва шприцларни сотиб олишга мажбур бўлган.

Бундай камчиликлар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кузатилган. Масалан, ҳудуддаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари томонидан Тахиатош ТТБсида қатновлар сонига, 40 ва ундан катта ёшдагилар режали скринингларига қўшиб ёзиш ҳолатлари кузатилган.

Бундай ҳолатлар ЭКГ, ФГДС ва лаборатория бўлимларида борлиги ҳам аниқланган.

Йиғилишда айтилганидек, Навоий ва Самарқанд вилоятларида шу йил 1 июлдан, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида эса 1 октябрдан давлат тиббий суғуртаси механизмини жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, аллақачон тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Аммо шу жараёнларда айрим хато ва камчиликлар, хусусан, компьютер етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар ҳам кўзга ташланмоқда.

Тиббиёт муасассаларини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам ечимини кутаётган масалалар бор. Айниқса, барча вилоятларда тор соҳа мутахассислари етишмайди. Шулардан келиб чиққан ҳолда, йиғилишда апрель ойидан бошлаб барча даражадаги раҳбарларнинг қуйига тушиб ишлаш амалиёти йўлга қўйилиши урғуланди.

Ўз навбатида, кўрсатилган камчиликларни ҳал этишга қаратилган аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди. Шу жумладан, тез кунларда юртимиз бўйича 15 та туман тиббиёт бирлашмасида ўрганишлар ўтказилиши маълум қилинди.

Шунингдек, йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Киритилди: 18:22 28.03.2025. Ўқилди: 597 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!