Бугун 8 май, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ташқи савдо айланмасини ривожлантириш йўналишида божхона органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар

Ташқи савдо айланмасини ривожлантириш йўналишида божхона органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар

Мамлакатимиз ташқи савдо айланмасини ривожлантириш мақсадида соҳани рақамлаштириш, божхона тартиботларини янада соддалаштириш, товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш орқали мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий инвестициялар ўзлаштирилишини таъминлаш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо айланмасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи божхона соҳани рақамлаштириш бўйича кенг кўламли чора тадбирлар амалга оширилди.

Натижада, бугунги кунда Ўзбекистон божхона тизимида ягона ахборот тизимига бирлаштирилган 67 та ахборот тизими ва 33 та интерактив хизматлар фаолият кўрсатмоқда.

10 дан ортиқ мамлакат божхонаси, 30 та вазирлик ва идоралар, 25 та авиакомпания билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.

Назорат ва расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш мақсадида, янги “E-транзит”, “Юк операциялари”, “Электрон божхона кузатуви”, “Божхона кўриги” ахборот тизимлари амалиётга жорий этилди.

Натижада, ушбу янги тизимлар орқали 1,6 млн-дан ортиқ декларациялар расмийлаштирилиб, 700 мингга яқин юк операциялар амалга оширилди.

Авваллари, чегара постларида тарози, рентген қурилмаси, транспорт рақамини қайд этиш, шлагбаум ва бошқа жараёнларнинг ҳар бирига ходим жалб этилган бўлса ҳозирда мазкур транспорт назоратини сунъий интеллект ёрдамида, яъни инсон омилисиз амалга ошириш йўлга қўйилиб, ходимлар иш жойи оптималлаштирилди.

Чегарадаги барча идораларга ягона ахборот тизимида бир вақтнинг ўзида ишлаш имконияти яратилди. Тўловларни ягона ҳисобварақ асосида тўлаш йўлга қўйилиб, ҳар бир идорага алоҳида квитанция ёзиб бериш йўқ қилинди.

Идоралараро “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига 10 дан ортиқ ташкилотлар интеграция қилиниб, 60 га яқин турдаги рухсатномаларни электрон тарзда тақдим этилиши йўга қўйилди.

Натижада, бугунги кунга келиб, тизимда 65 мингдан зиёд фойдаланувчилар рўйхатга олиниб, 3 миллиондан ортиқ рухсатномалар расмийлаштирилди.

Товарларни омборларга жойлаштириш, рўйхатга олиш, ҳужжатлардан нусхалар олиб қолиш қоғозбозликдан воз кечилди.

Соҳани рақамлаштириш ва божхона расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириш натижасида божхона расмийлаштируви вақти қарийб 2 баробарга қисқарди.

Ушбу вақт экспорт режимида 2017 йилда ўртача 5 соат 42 дақиқани ташкил этган бўлса, 2023 йилда 30 дақиқани ташкил этмоқда.

Импорт товарларининг 80 фоизи (21,2 млрд долл.) ва экспорт товарларининг 89 фоизи (6,8 млрд долл.) соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.

Божхона юк декларацияларини сунъий интеллект ёрдамида автоматик тарзда расмийлаштириш ҳажми 15 фоизга етказилиб, бу кўрсаткич хавф даражаси паст бўлган товарларнинг экспортида 85 фоизни ташкил қилди.

2022 йилда товарлар импорти 28,1 млрд долл., товарлар экспорти 10,7 млрд долл. Товарлар айланмаси 38,8 млрд долл., 15 фоизи 5,8 млрд долл. Экспортнинг 85 фоизи 9,1 млрд долл.

2023 йил 9 ойда товарлар импорти 26,4 млрд долл., товарлар экспорти 7,7 млрд долл. Товарлар айланмаси 34,1 млрд долл., 15 фоизи 5,1 млрд долл. Экспортнинг 85 фоизи 6,5 млрд долл.

Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига сифатли божхона хизматларини кўрсатиш мақсадида “Божхона расмийлаштируви маркази” бунёд этилиб, мажмуада “Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш пости”, “Call” маркази, “Таргетлаш ва хавфларни бошқариш” маркази, “Маълумотларни қайта ишлаш” маркази ташкил этилди.

“Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш пости”да дастлабки босқичда Тошкент шаҳри тадбиркорлари томонидан божхона идораларига масофадан туриб тақдим этиладиган божхона юк декларацияларини тезкорлик билан расмийлаштириш жараёнлари амалга оширилса, кейинчалик республикадаги барча расмийлаштирув жараёнларини қамраб олиш режалаштирилган.

Жумладан, ушбу пост орқали республика бўйича тақдим этилаётган 50 фоиз (кунига 3 мингта) декларациялар расмийлаштирилади.

Божхона ходимлари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқоти чекланган ҳолда товарлар масофавий расмийлаштирилади. Товарлар расмийлаштирувида ягона ёндашувга эришиш орқали тадбиркорлар харажатини қисқартиришга эришилади.

Шунингдек, АҚШ, БАА, Жанубий Корея, Исроил, Туркия, Озарбайжон ва Россия давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб, божхона объектларини реал вақт режимида кузатиб бориш, уларни таҳлилий ахборот билан таъминлаш ҳамда идоралараро ва халқаро даражада маълумотлар алмашиш ишларини янада кучайтиришга қаратилган “Таргетлаш ва хавфларни бошқариш” маркази ташкил этилди.

“Таргетлаш” – “нишонга олиш” маъносини билдириб, хавфларни баҳолаш орқали назорат объектини аниқ белгилашга қаратилган.

Марказда тезкор тузилмалар томонидан божхонанинг 50 та, Жаҳон божхона ташкилотининг 3 та ахборот дастури, 30 дан ортиқ идоралар ва 9 та хорижий божхоналарнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, хавф-хатарлар баҳоланади ва барча божхона постлари фаолияти масофадан бошқарилади.

Шу билан бирга, катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш, таҳлил қилиш, киберҳужумларни барвақт аниқлаш мақсадида, “Маълумотларни қайта ишлаш” маркази ҳамда унинг таркибида замонавий киберхавфсизлик ва телекоммуникация хоналари ташкил этилди.

Ушбу марказ амалдаги маълумотлар заҳирасига нисбатан 10 баробар катта ҳажмли замонавий серверлар, юқори қувватли генераторлар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш қурилмалари билан жиҳозланиб, 160 та объектдаги алоқа каналлари тезлигини 5 баробарга ошириш ва расмийлаштирув вақтини 2 баробарга қисқартиришга эришилади.

Божхона органларининг Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорлигининг янги босқичга чиқиши Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясини янада такомиллаштириш, экспертиза жараёнларини қисқариш, синов натижаларини минтақа миқёсида тан олиниш имконини берди.

Божхона органлари фаолиятини фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан онлайн тарзда баҳолаш ҳамда натижаларни ҳар ой якунлари бўйича қўмита расмий веб сайтида эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида замонавий андозалар асосида “Ғишткўприк”, Навоий, “Довут ота” ҳамда “Ойбек” чегара божхона постларини реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Соҳани рақамлаштириш йўналишида 12 та дастурий таъминот, 3 та мобиль иловалар ишлаб чиқилди ва тадбиркорларимиз учун ушбу ахборот тизимларидан туну-кун самарали фойдаланиш имконияти яратилди.

2023 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 16 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига божхона тўловларидан 39 трлн сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар қўлланилди.

6,2 трлн сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

Давлат бюджетига 40,3 трлн сўм миқдорида маблағ ўтказилди.

Хавфларни бошқариш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишида 780 млрд сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Халқаро ҳамкорлик йўналишида 8 та халқаро ҳужжат имзоланди. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида 5,3 млн доллар грант маблағлари жалб қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо айланмасини ривожлантириш, хусусан экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида товарларни “Божхона ҳудудида қайта ишлаш режими” имкониятларидан фойдаланишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Тадбиркорларга юртимизга олиб келинаётган хом ашё товарларини божхона ҳудудида қайта ишлаш режими имтиёзларидан фойдаланган ҳолда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтириш ҳақида батафсил тушунтиришлар берилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида 2023 йилнинг 9 ойи мобайнида мазкур режимга жами 478 млн АҚШ долларига тенг товарлар жойлаштирилиб, бу борадаги кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ёки 242 млн АҚШ долларига ортди.

Шунингдек, илгари хом-ашё маҳсулотлари импортини амалга ошириб келган кўплаб тадбиркорларимиз эндиликда божхона тўловларидан озод қилинган ҳудуд имкониятлардан самарали фойдаланишни бошлади.

Улар томонидан 66 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, хорижий мамлакатларга умумий қиймати 429 млн АҚШ долларини ташкил этувчи товарлар экспорт қилинди.

Жараёнларни такомиллаштириш, автоматлаштириш ва бюрократияни қисқартириш божхона расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни сезиларли даражада қисқартириши, корхоналарга ўз маҳсулотларини тезроқ ва самаралироқ экспорт қилиш имконини беради.

Божхона расмийлаштируви жараёнларини оптималлаштириш ва бюрократик юкни камайтириш товарларни экспорт қилиш харажатларини камайтириш имконини беради, бу эса мамлакат маҳсулотларини жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширади.

Самарали назорат ва контрабандага қарши кураш тизимларининг ривожланиши ноқонуний савдони камайтириш ва қонуний экспорт қилувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш имконини беради ва экспорт салоҳиятининг ошишига хизмат қилади.

Киритилди: 17:06 07.11.2023. Ўқилди: 1155 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!