Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2027 йил учун тузилган дунёнинг 500 нафар энг нуфузли мусулмони рейтингида 40-ўринни эгаллади. Рўйхат Иорданиядаги Қироллик ислом стратегик тадқиқотлар маркази (RISSC) томонидан тайёрланган The Muslim 500 нашрида эълон қилинди.
Мирзиёев аввалги йилларда ҳам мазкур рўйхатдан ўрин олган. Бироқ 2024–2026 йилги нашрларда у аниқ ўринлар белгиланмаган 450 нафарлик рўйхатда эди. 2027 йилги рейтингда эса илк бор энг нуфузли 50 мусулмон қаторига кирди.
Нашр муаллифлари Ўзбекистон президентининг фаолиятини бир нечта йўналиш бўйича баҳолаган.
Хусусан, валюта ислоҳоти, иқтисодиётни эркинлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва пахтачиликда тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилиши қайд этилган.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни яхшилаш, минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Исломий ва маданий меросни асраш борасидаги ишлар, жумладан, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуалари, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда диний-маърифий тадқиқот муассасаларини ривожлантириш ҳам президентнинг нуфузига таъсир қилувчи омиллар сифатида кўрсатилган.
Рейтингда кимлар етакчилик қилмоқда?
2027 йилга мўлжалланган рейтингда биринчи ўрин илк бор беш нафар шахсга биргаликда берилди. Улар Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва фельдмаршал Осим Мунир, шунингдек, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғандир.
Кейинги ўринларда:
4-ўрин — Эрон олий раҳбари Мужтабо Хоманаий;
5-ўрин — Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II;
6-ўрин — Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний;
7-ўрин — покистонлик диний олим Муҳаммад Тақий Усмоний;
8-ўрин — яманлик диний арбоб Умар бин Ҳафиз;
9-ўрин — Ал-Азҳар бош имоми Аҳмад ат-Таййиб;
10-ўрин — мавританиялик ислом олими Абдуллоҳ бин Байя.
Марказий Осиёдан яна кимлар кирган?
500 нафарлик рўйхатда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, таниқли қозоғистонлик хонанда Димаш Қудайберген ҳамда Тожикистон уламолар кенгаши раиси, муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода ҳам бор.
Улар энг нуфузли 50 таликка эмас, балки турли соҳалар бўйича тузилган умумий рўйхатга киритилган.
Рейтингда дунёга машҳур спортчилар ва санъаткорлар ҳам ўрин олган. Жумладан, мисрлик футболчи Муҳаммад Салоҳ 39-ўринни эгаллаган. Ҳабиб Нурмагомедов, Ламин Ямал, Арда Гюлер, Шоҳрух Хон ва машҳур блогер Хаби Лейм ҳам 500 нафарлик рўйхатдан жой олган.
The Muslim 500 қандай тузилади?
Рейтинг 2009 йилдан буён ҳар йили эълон қилинади. Унда мусулмон дунёсига сиёсий, иқтисодий, диний, маданий ва ижтимоий таъсир кўрсата оладиган шахслар сараланади.
Дастлабки 50 нафар иштирокчига аниқ ўринлар берилади. Қолган 450 нафар эса фаолият йўналишлари бўйича гуруҳларга ажратилади ва улар ўртасида ўринлар белгиланмайди.
Нашрнинг таъкидлашича, рўйхатга киритилиш шахснинг қарашлари ёки фаолиятини маъқуллашни эмас, балки унинг мусулмон дунёсига таъсирини баҳолашни англатади.