АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Эрон ўз ядровий дастурининг айрим жиҳатларини Вашингтон билан муҳокама қилишга рози бўлганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, музокараларнинг асосий шартларидан бири Эрон томонидан Ҳурмуз бўғозининг очиқ сақланишидир.
Марко Рубио Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитасидаги эшитувда музокараларнинг иккинчи босқичи 30 кундан 90 кунгача давом этиши мумкинлигини билдирди.
«Бу жуда техник масалалар. Уларни беш кунда ҳал қилиб бўлмайди. Тафсилотларни келишиб олиш учун мутахассислар 30, 60 ёки 90 кун давомида иш олиб боришига тўғри келади», — деди у.
Давлат котибининг таъкидлашича, иккинчи босқич музокаралар асосан юқори даражада бойитилган уран захираларини йўқ қилиш масаласига бағишланади.
Шунингдек, Рубио АҚШ Эронга фақат Ҳурмуз бўғозини очиш эвазига санкцияларни бекор қилишни таклиф қилаётгани ҳақидаги фикрларни рад этди.
«Эрон ядровий фаолияти сабабли санкциялар остида қолмоқда. Агар улар бу фаолиятдан воз кечишга рози бўлса, санкцияларни енгиллаштириш уларнинг мажбуриятларга риоя қилишига боғлиқ бўлади», — деди у.