Бугун 14 апрель, 2024 йил, якшанба

O'ZB

“Роспотребнадзор” томонидан замонавий мониторинг мобил лабораторияси топширилди

“Роспотребнадзор” томонидан замонавий мониторинг мобил лабораторияси топширилди

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Россия Федерациясининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) раҳбари — бош давлат санитария шифокори Анна Попова бошчилигидаги делегация қабул қилинди.

Бугунги кунда ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва “Роспотребнадзор” ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Учрашувда вазир в.б. Асилбек Худаяров COVID-19 пандемияси юқумли касалликларга қарши курашиш муҳим эканлигини кўрсатгани, шу боис унинг олдини олиш бўйича ҳамкорликда фаолият олиб бориш лозимлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, 2021 йилда икки давлат ўртасида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл ҳаритаси” имзоланган.

“Роспотребнадзор” раҳбари Анна Попова таъкидлаганидек, икки давлат ўртасида аҳолининг санитария-эпидемилогия осойишталигини таъминлаш, ўта хавфли юқумли касалликларни олдини олиш борасида ҳозирда 5 та қўшма лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, келгусида ушбу ҳамкорликни янада кенгайтириш соҳани такомиллаштиришга хизмат қилади.

Учрашув давомида “Роспотребнадзор” томонидан III авлод индикатор ва мониторинг мобил лабораторияси тақдим этилди. Ушбу замонавий лаборатория бактериал ва вирусли ўта хавфли юқумли касалликларга қарши тезкор чоралар кўриш, эпидемиологик текширувни амалга ошириш, жумладан, биологик материал ёки бевосита инфекция ўчоғидаги атроф-муҳит объектларининг ўзига хос кўрсаткичларини йиғиш ҳамда намуналар олишга мўлжалланган.

Лабораториядан фавқулодда вазиятларда юқумли касалликларнинг табиий ўчоқларига кириб бориб, эпидемиологик ва эпизоотологик мониторинг ўтказишда фойдаланиш мумкин. Унда диагностик тадқиқотлар ПЗР, Иммунофермент таҳлили (ИФА), Иммунохроматографик таҳлил (ИХА), флуорестик антитаналар усули (МФА) ёрдамида амалга оширилади.

Замонавий автолаборатория биологик хавфсизликни таъминлаш воситалари, хусусан, ҳаво тўлқинини назорат қилувчи тизим, III авлод микробиологик хавфсизлик ва ПЗР бокслари, шахсий ҳимоя воситаларини ечиш учун изоляция қилинган хона, масофадан туриб бошқарилувчи ультрабинафша дезинфекция тизими, материалнинг лабораторияга киритилиши учун шлюз-камераси билан жиҳозланган.

Томонлар мазкур мобил лабораторияда фаолият кўрсатадиган, санитария-эпидемиология соҳасидаги фавқулодда вазиятларда тезкор ишга кириша оладиган мутахассисларни яқин келажакда ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича ҳам келишиб олди.

А. Худаяров таъкидлаганидек, бундан аввал ҳам икки давлат ҳудудида юқумли касалликларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастурини амалга ошириш доирасида 4 та мобил микробиологик экспресс-диагностика лабораториялари тақдим этилган бўлиб, улар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Орол денгизининг қуриб бораётган ҳудудларида ўта хавфли инфекциялар ўчоқларининг шаклланиш хусусиятларини биргаликда ўрганишда қўл келмоқда.

Шунингдек, Россия томонидан тоғли, чекка ҳудудларда тиббий ёрдам кўрсатувчи 2 та замонавий жиҳозланган кўчма диагностика мажмуаси ажратилган бўлиб, ҳозирда улардан шундай жойларда яшовчи аҳолида ОИВ, вирусли гепатит, сифилис ва бошқаларга бепул тарзда таҳлил олиш учун мобил пункт сифатида фойдаланилмоқда.

Учрашувда томонлар микробларга қарши препаратларга чидамлиликни олдини олиш дастурини амалга ошириш, ОИВ инфекциясига қарши курашиш, бу борада лаборатория таҳлиллари билан боғлиқ масалаларни биргаликда ўрганиш каби қатор масалалар юзасидан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Киритилди: 06:34 03.04.2024. Ўқилди: 491 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!