Қозоғистонлик таниқли шахматчи Бибисора Асаубаева ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров билан турмуш қуриши ҳақидаги хабарлардан норозилигини билдирди.
У Telegram каналида маҳаллий интернет нашрларининг бир қатор материалларини эълон қилиб, шахсий ҳаёти атрофида тарқалаётган маълумотларни танқид қилди.
Айрим ОАВ Асаубаевани Синдоровнинг бўлажак рафиқаси сифатида тилга олган. Бошқа нашрларда эса эҳтимолий тўй, оила аъзоларининг режалари ва ҳатто жуфтликнинг келажакдаги фарзандлари ҳақида сарлавҳалар пайдо бўлган.
«Ўз ҳаётинг билан яшаб юрган пайтингда бирданига шундай хабарларга дуч келасан. Назаримда, ОАВ эътибор қозониш учун ҳеч нарсадан қайтмаяпти», — дея муносабат билдирди шахматчи.
Мазкур муҳокамаларга Жавоҳир Синдоровнинг бобоси, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоровнинг «Қароргоҳ» подкастидаги фикрлари ҳам сабаб бўлган.
У набираси ва Асаубаева оила қуришга қарор қилса, бунга қаршилик билдирмаслигини айтган. Бироқ ҳозир Жавоҳир учун асосий вазифа шахматдаги мақсадларига эришиш эканини таъкидлаган.
Комил Синдоровнинг сўзларига кўра, Жавоҳир жаҳон чемпиони бўлиб, шахмат тожини Ўзбекистонга олиб келганидан кейин тўй масаласини муҳокама қилиш мумкин.
Ҳозирча икки шахматчининг никоҳдан ўтиши ёки тўй санаси ҳақида расмий маълумот йўқ.