Россия Украинада тўрт ярим йилдан буён олиб бораётган ва юз минглаб аскар ҳаётига зомин бўлган уруш рус мамлакати аҳолиси камайишига у қадар жиддий таъсир кўрсатаётгани йўқ. Бу ҳақда РФ президенти Владимир Путин Шарқий иқтисодий форумдаги нутқида гапирган.
«Махсус ҳарбий амалиёт (Россия расмийлари Украинага қарши урушни шундай атайди — таҳр.), албатта, таъсир кўрсатади, аммо асосий гап унда эмас. Ахир, туғилиш кўрсаткичи биздан паст бўлган Япония ва Жанубий Кореяда махсус ҳарбий амалиёт йўқ-ку! Шу боис, ҳа, биз барча омилларга эътибор қаратишимиз керак. Аммо бу (уруш назарда тутилмоқда – таҳр.) барибир асосий сабаб эмас», — деган Путин.
Кремль хўжайини фикрича, мамлакатда демографик ҳолатни яхшилаш учун оилалар ва хотин-қизлар учун рағбат муҳитини яратиш, ижтимоий фикрни ўзгартириш керак.
Путин 2000-йиллар ўрталарида Россияда аҳоли камайиши кузатилгани ва ўшанда мамлакат салбий тенденцияни енгиб ўта олганини ёдга олган.
«Бу борада тажрибамиз бор ва биз уни албатта такрорлаймиз», — деган у.
Таҳлилларга кўра, Россия аҳолиси йил сайин камайиб бормоқда. 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакат аҳолиси 146 028 325 кишини ташкил этган. Шу тариқа 2024 йилга нисбатан Россия нуфуси 0,08 фоизга камайган.
2025 йил март ойида бир суткада 3012 нафар чақалоқ дунёга келган ва бу сўнгги 200 йилдаги энг паст кўрсаткичдир.
Туғилиш кўрсаткичи муттасил тушиб бориши фонида 2025 йилдан Россия статистика идораси ҳудудлар бўйича туғилиш ва ўлим кўрсаткичларини эълон қилишни тўхтатган.
Ҳисоб-китобларга қараганда, 2045 йилга бориб Россия аҳолиси 138,8 миллион ёки 130,6 миллионга қадар камаяди. Бу рақамларда Украинага қарши урушдаги инсоний талафотлар инобатга олинмаган.
Баъзи олимлар Россия аҳолиси 2100 йилга бориб 74 миллиондан 112 миллионга қадар камаяди деб ҳисоблайди. Демографик танглик эса мамлакат учун улкан ижтимоий-иқтисодий муаммолар келтириб чиқаради.
Шу боис сўнгги йилларда Россия раҳбарияти аҳолини кўпроқ ва эртароқ фарзанд кўришга ундамоқда. Жумладан, Путин ёшларни ўқиш ва карьера важидан фарзанд кўришни пайсалга солмасликка ундаб келади.
Аввал хабар берганимиздек, Россия президенти 2024 йилда ҳам мамлакатда туғилишнинг умумий даражасини ошириш ҳақида фармон чиқарганди. Ҳужжатда туғилишнинг умумий коэффициенти 2030 йилга бориб 1,6 нафарга, 2036 йилда эса 1,8 нафарга етиши лозимлиги қайд этилган.
Россия Федерацияси парламентининг юқори палатаси — Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко ҳам мамлакат аёлларини 18 ёшданоқ фарзанд кўришга чақиргани маълум.