Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдуғaн Германия канцлери Фридрих Мерц билан телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбат чоғида томонлар Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлашув, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий масалаларни муҳокама қилди.
Президент Эрдуғaн Эроннинг ядровий дастури юзасидан келишмовчиликларни ҳал қилишнинг ягона йўли — музокаралар столига қайта келиш эканини таъкидлади. У Исроилнинг Эронга ҳужуми хавфли кескинлашувга олиб келганини ва бу бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид солаётганини билдирди.
Туркия Президенти, шунингдек, зўравонликнинг кучайиб бориши нафақат Яқин Шарқ, балки Европа учун ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Жумладан, у янги миграция тўлқини ва ядровий чиқиндиларнинг сизниши хавфига эътибор қаратди.
Эрдуған Туркия муноқиша бошиданоқ уни тўхтатиш ва минтақада тинчликни тиклаш учун ҳаракат қилаётганини қайд этди. У Анқара бу йўналишдаги дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этишини тасдиқлади.