Ҳаваскорлар боксида икки карра Олимпия ва жаҳон чемпиони, енгилмас боксчи Баҳодир Жалолов (18-0, 15 КО) “Манчестер Сити” футбол клубининг машғулотлар базасига ташриф буюрди.
Хабарингиз бор, ўта оғир вазн тоифасида муваффақиятли фаолият юритаётган ўзбек паҳлавони Лондон шаҳрида ташкил этилган профессионал бокс оқшомида иштирок этган эди.
Баҳодир Жалолов бу мусобақада мезбонлар вакили Соломон Дакресга (10-2, 3 КО) қарши жанг ўтказди. Учрашувнинг 5 раундда рақибини нокдаун ҳолатига солиб қўйган ҳамюртимиз якунда ҳакамларнинг якдил қарорига кўра ғалаба қозонди.
Шу тариқа Жалоловнинг рекорди 18-0 кўриниш олди. Ғалабаларининг 15 таси эса нокаут билан қўлга киритилган.
Баҳодир Жалолов расмий жангидан кейинги куни Манчестер шаҳрига йўл олиб, Англиянинг машҳур клуби “Манчестер Сити” қароргоҳига борди.
Машғулотлар базасида Жалолов “Манчестер Сити”нинг юлдуз ҳужумчиси Эрлинг Холанд билан ҳам суҳбатлашди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни қўллаб-қувватлади.
Баҳодир ўзининг Instagram саҳифасида “Манчестер Сити” футболчилари билан тушган суратларини жойлаштирди.
- Биз “Манчестер Сити”нинг машғулот базасига ташриф буюрдик! Ажойиб саёҳат учун клубга катта раҳмат!”, - деб ёзди Баҳодир Жалолов ижтимоий тармоқдаги пости остига.
32 ёшли Баҳодир Жалолов ҳозиргача профессионал фаолиятида бирор марта мағлубиятга учрамаган ва унинг бугунги кундаги асосий мақсади профессионал боксчи сифатида ҳам жаҳон чемпионлигини қўлга киритишдан иборат.