Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху Эронда амалдаги ҳокимият сақланиб қолиши минтақадаги хавфсизликка таҳдид солишда давом этишини даъво қилди. Унинг фикрича, Теҳрон ҳарбий жиҳатдан заифлашганига қарамай, ядровий қурол яратиш режаларидан воз кечмаган.
Нетаньяху 20 октябрь куни қилган чиқишида Эрон ҳокимиятини ағдаришни Исроилнинг асосий мақсадларидан бири сифатида кўрсатди.
«Бу режим қанчалик заифлашган бўлмасин, ўз мақсадларидан қайтмайди. У яна куч тўплаб, бир йил аввал биз тўхтатган ядровий бомбалар ишлаб чиқариш ва минтақадаги иттифоқчилар тармоғини тиклашга уринади», дея таъкидлади у.
Исроил раҳбари Эрондаги мавжуд тузумни ағдариш орқалигина бундай хавфнинг олдини олиш мумкинлигини билдирди.
Шунингдек, Нетаньяху Ливан билан тинчлик келишувига эришиш нияти борлигини айтиб, Эронда ҳокимият алмашиши минтақадаги вазиятга ҳам таъсир кўрсатишини таъкидлади.