Айни дамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги барча муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биотехник тадбирлар давом эттирилмоқда.
Тадбир давомида куз-қиш мавсумида ҳайвонлар ва қушларнинг озуқа топишига кўмаклашилмоқда. Хусусан, "Сурхон" давлат қўриқхонасида булоқ кўзлари очилиб, ёввойи ҳайвонларнинг сув ичиши учун шароит яратилаётган бўлса, "Қизилқум" давлат қўриқхонасида ёввойи ҳайвонларни қўшимча озиқлантириш мақсадида озуқа воситалари қўйиб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, Қуйи Амударё давлат биосфера резервации ходимлари томонидан Бухоро буғулларини қўшимча озиқлантириш мақсадида омухта-ем ва дағал хашак озуқалари бериб борилмоқда. Биотехник тадбирлар бошқа муҳофаза ҳудудларида ҳам давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, бу каби тадбирлар йил давомида ўтказилади ва ёввойи ҳайвонларнинг хилма-хил турларини, табиий галалари ва тўдалари бир бутунлигини таъминлаш, яшаш муҳити ва урчиш жойларини, уларнинг кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолиш ва муҳофаза чораларини амалга оширишни таъминлайди.
Шунингдек, ёввойи ҳайвон турларини аввалги яшаш жойларига қайтариш ва уларни ярим эркин шароитларда кўпайтириш, ноқулай об-ҳаво шароитида яшаб қолишини таъминлаш, табиий офатлар оқибатида фалокатга учраган ёки ўзи учун нотабиий шароитга тушиб қолган ёввойи ҳайвонларни қутқариш ҳамда экологик ва овчилар туризмини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.