Агентлик хабарига кўра, ҳар иккала мамлакатдаги митинглар деярли бир ҳафтадан бери давом этмоқда. Оммавий ахборот воситалари уларни “Z-авлоди намойишлари” деб атамоқда, бу Непалда яқинда бўлиб ўтган ҳукуматга қарши намойишларга ўхшаш бўлиб, унда ҳам асосий ҳаракатлантирувчи куч ёшлар бўлган.
"Мадагаскардаги намойишчилар мамлакатда самарали бошқарувнинг йўқлиги, шунингдек, сув ҳамда электр таъминотидаги узилишларга қарши чиқмоқда. Намойишлар давомида камида 22 киши ҳалок бўлган, тахминан юзга яқин одам жароҳат олган", дея ёзмоқда АFP.
Кенг кўламли намойишлар фонида Мадагаскар президенти Андри Радзуэлина ҳукуматни тарқатиб юбориш тўғрисида фармон чиқарган.
Намойишчиларнинг вакиллари АFP билан суҳбатда “ҳукуматнинг кетиши етарли эмаслигини” таъкидлаб, талаблар орасида мамлакатни 2009 йилдан бери бошқариб келаётган президентнинг истеъфоси ҳам борлигини билдиришди.
АFP'нинг қайд этишича, Марокашдаги норозиликлар ҳам тобора кучайиб бормоқда. Намойишчилар мамлакатда таълим ва соғлиқни сақлаш сифатини яхшилашни талаб қиилмоқда. Уларнинг фикрича, ҳукумат ижтимоий соҳалар ўрнига 2030 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказишга тайёргарлик учун катта маблағ сарфламоқда. Бундан ташқари, намойишчилар Марокашда коррупцияга барҳам беришни талаб қилмоқда.
"1 октябр куни полиция мамлакат жанубидаги Лекля шаҳрида маҳкама бўлимига бостириб киришга уринган намойишчиларга қарата ўт очди. Натижада 2 киши ҳалок бўлди. Марокаш Ички ишлар вазирлиги намойишларда тахминан 400 киши ҳибсга олинганини, 300 га яқин одам жароҳат олганини билдирган", дея ёзмоқда АFP.