Электр таъминотидаги узилиш ҳақида аҳоли ва сайёҳлар оммавий равишда хабар бера бошлади. Мальтанинг Enemalta электр энергетика компанияси маълум қилишича, авария суюлтирилган табиий газ (СПГ) қурилмасидаги ускунанинг кутилмаганда ишдан тўхташи ортидан юзага келган. Энергия тизими барқарорлигини сақлаб қолиш учун айрим ҳудудларда электр таъминотини вақтинча ўчиришга тўғри келган.
Кўп ўтмай, электр таъминотини тиклаш учун захира энергия манбалари ишга туширилди. Айрим аҳоли пунктларида электр тахминан бир соатдан сўнг қайта берилган. Enemalta ҳозирча электр ишлаб чиқариш объектидаги носозлик сабабларини ўрганмоқда.
Мальтада сўнгги ҳафталарда бу биринчи жиддий блэкаут эмас. Август ойи охирида Гозо оролида бир нечта юқори кучланишли электр линияларидаги муаммолар сабабли электр таъминоти 26 соатга тўхтаб қолган эди. Расмийлар жабрланганларга компенсация тўлашга ваъда берган.
Бу ёзда оролларда электр таъминотидаги узилишлар одатдагидан кўпроқ кузатилмоқда. Туризм мавсумида электр энергиясига талаб ортиб бораётган бир пайтда Мальта энергетика тизими бундай юкламани кўтара оладими, деган саволлар муҳокама қилинмоқда. Enemalta эса электр тармоқларига инвестицияларни ошириш тарафдори.