Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Сурияга расмий ташриф буюриб, икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқаларни тиклаш ва Дамаскдаги янги ҳукуматни қўллаб-қувватлаш ҳақида эълон қилди.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бу сўнгги 14 йил ичида Лондондан бундай даражадаги амалдорнинг Сурияга илк ташрифидир. Ташриф доирасида Лэмми Сурия президенти Аҳмад аш-Шаро ва ташқи ишлар вазири Эсаад аш-Шайбаний билан музокаралар ўтказди.
Лэмми Лондон Суриядаги янги ҳукуматни қўллаб-қувватлашини ва мамлакатда инклюзив сиёсий ўтиш жараёнини муҳим деб ҳисоблашини таъкидлади:
«Ўн йилдан ортиқ давом этган можародан сўнг сурияликлар янги умидга эга бўлишди. Британия ўз манфаатлари йўлида янги ҳукуматга барқарор, хавфсиз ва фаровон келажак қуришда ёрдам беради», — деди вазир.
Лэммининг таъкидлашича, барқарор Сурия Британиянинг манфаатларига мос келади — бу ноқонуний миграция хавфини камайтиради, кимёвий қурол захираларини йўқ қилиш ва терроризмга қарши курашда (жумладан ДАЕШга қарши) самарали бўлади.
Ундан ташқари, Лондон Сурияга £94,5 миллион (тахминан $129 миллион)лик қўшимча гуманитар ёрдам ажратишини маълум қилди.
Апрель ойидан бошлаб Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ Суриянинг бир қатор идоралари — Марказий банки, вазирликлар, разведка хизматлари ва энергетика соҳасидаги компанияларга қўйилган санкцияларни бекор қилишни бошлади. Бу халқаро ҳамкорликни тиклашга қаратилган навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда.