Эрон ракеталар самарадорлигини кузатиш учун хусусий камералардан фойдаланмоқда.
Bloomberg агентлиги хабар беришича, Эрон сўнгги кунларда Исроилга қаратилган ракетали ҳужумлар натижасини баҳолаш учун хусусий кузатув камераларига уланишга уринмоқда. Бу ҳақда Исроил миллий киберхавфсизлик бошқармаси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган Рафаэль Франко маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Эрон мутахассислари сўнгги икки-уч кун ичида фуқароларнинг видеокамераларига кириб, ракеталар қайси жойга тушганини билиш ва кейинги зарбалар аниқлигини ошириш мақсадида маълумот тўпламоқда.
Исроил жамоат радиоси орқали чиқиш қилган Франко, фуқароларни уйдаги камераларни ўчиришга ёки паролларини ўзгартиришга чақирди. Бу чиқишдан аввал Тель-Авивдаги кўп қаватли бинолар жойлашган ҳудудга Эрон ракета зарбалари берган эди.
20 июн куни эрталаб Исроил армияси Эрон томонидан янги ракета зарбалари ҳақида хабар берди. Мудофаа тизимлари юқори тайёр ҳолатга келтирилди. Эроннинг Корпуси Сипоҳи Посдорони Инқилоб (КСИР) эса ракеталар ҳақиқатан ҳам учирилганини тасдиқлади. Эҳтимолий нишонлардан бири Неватим ҳарбий авиабазаси бўлган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху аввалроқ Эроннинг зарбалари «Сорока» шифохонасига текканини айтган эди. У ерда Исроил ҳарбийлари даволанаётган эди. The Times of Israel газетаcи биноларнинг юқори қаватлари вайрон бўлгани ҳақида ёзди.
Бу орада Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши баёнот билан чиқиб, зарбалар Исроил жазога тортилиб, товон тўламагунига қадар давом этишини маълум қилди. Теҳрон янги зарбаларга «барча имкониятлар билан» жавоб қайтаришини айтди.