Жиззах шаҳридаги савдо нуқталаридан бирида ўтказилган назорат харидлари давомида Хитойда ишлаб чиқарилган айрим болалар ўйинчоқларида хавфсизлик талабларига номувофиқликлар аниқланди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспексиясининг Жиззах ҳудудий бўлими ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган текширувларда «Эластик спирал ипли тўп», «Pinch» савдо белгили мушук панжаси ва «Avengers superhero» ўйинчоқларидан намуналар олиниб, лаборатория синовлари ўтказилди.
Синов натижаларига кўра, маҳсулотларда ўткир ҳид мавжудлиги, ҳимоя қопламасининг намлик таъсирига чидамсизлиги, майда деталларнинг мустаҳкам бириктирилмагани, механик таъсирга бардош бермаслиги ҳамда формалдегид миқдори меъёрлардан юқорилиги аниқланган.
Мутахассислар таъкидлашича, формалдегид нафас йўллари, кўз ва терига салбий таъсир кўрсатиши, аллергик реаксияларни кучайтириши ҳамда болалар саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин. Шунингдек, ўйинчоқлардаги майда қисмларнинг осонгина ажралиши болаларнинг уларни ютиб юбориши ёки жароҳатланишига сабаб бўлиши эҳтимоли мавжуд.
Текширув давомида маҳсулот ёрлиқларида зарур маълумотлар давлат тилида кўрсатилмагани ҳам қайд этилди. Аниқланган ҳолатлар «Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламенти» талабларига зид деб топилди.
Мазкур камчиликлар юзасидан савдо субъектларига огоҳлантириш хатлари юборилди ҳамда ушбу маҳсулотларни савдодан чиқариш ва реализациясини тўхтатиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.