Германия Федерал олий суди тадбиркор Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқи Кенгашига қарши даъвоси бўйича ҳужжатларни жавобгарга етказишга тўсқинлик қилишни ноқонуний деб топди. Бу ҳақда Die Welt нашри хабар берди.
21 октябрда қабул қилинган суд қарорига кўра, Гамбург суди раисининг даъво ҳужжатларини Европа Иттифоқи Кенгашига юборишдан бош тортиши қонунга зид бўлиб, тадбиркорнинг ҳуқуқларини бузган.
Гап Усмоновнинг 2023 йил декабрда киритган даъвоси ҳақида кетмоқда. Усмонов Европа Иттифоқи 2022 йилда шахсий санкцияларни асослаш учун эълон қилган айрим маълумотларни ёлғон ва обрўсига путур етказувчи деб ҳисоблаб, уларни тарқатишни тақиқлашни талаб қилган.
Хусусан, санкциялар асосномасида Forbes журналидаги Усмоновнинг Россия президенти Владимир Путин билан эҳтимолий алоқалари ҳақидаги иддаолардан фойдаланилган. 2024 йил январда Гамбург суди Forbes нашрига ушбу иддаоларни тарқатишни тақиқлаган эди.
Бироқ Усмоновнинг Европа Иттифоқи Кенгашига қарши даъвоси бўйича ҳужжатларни Брюсселга юбориш жараёни тўхтатиб қўйилган. Die Welt маълумотига кўра, Гамбург суди раиси бундай қарорни Германия Адлия федерал идораси билан маслаҳатлашувлардан кейин қабул қилган. Идора эса Ташқи ишлар вазирлигининг эътирозларини билдирган.
Федерал олий суд суд раисининг бундай рад жавобига ваколати бўлмаганини аниқлаб, аввалги қарорларни бекор қилди.
Усмоновнинг адвокати Йоахим Штайнхёфел суд қарорини шарҳлар экан, одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳукуматнинг ташқи сиёсий йўналишига боғлиқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.
Die Welt маълумотига кўра, Усмонов 2026 йил сентябрда Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилган. Бироқ у эътироз билдираётган айрим маълумотлар Европа Иттифоқининг расмий ресурсларида сақланиб қолган.
Маълумот учун, Германия Федерал олий судининг қарори Усмоновнинг даъвосини мазмунан қаноатлантиришни англатмайди. Суд ҳозирча даъво ҳужжатларини жавобгарга етказишга қўйилган тўсиқни ноқонуний деб топган. Энди ишни мазмунан кўриб чиқиш имконияти очилмоқда.