Европа разведка хизматлари Ирон билан боғлиқ эҳтимолий яширин операциялар сони ортиб бораётганини қайд этмоқда. Франциянинг Le Monde газетаси ўз суриштируви ва махсус хизматлардаги манбаларига таяниб хабар беришича, Теҳрон Европа давлатлари ҳудудида ҳужумлар ва диверсияларни ташкил этиш учун трансмиллий жиноий гуруҳлардан тобора фаолроқ фойдаланмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, бу каби фаолият Буюк Британия, Германия, Бельгия, Нидерландия ва Норвегияни қамраб олган. Гап буюртма қотилликлар, ўт қўйишлар, инфратузилма объектларидаги диверсиялар ва киберҳужумларни тайёрлаш ҳақида бормоқда. Европа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Ирон махсус хизматлари билан ҳамкорликда гумонланаётган шахсларнинг фаолиятини суриштирмоқда.
Le Monde манбалари ушбу операцияларнинг фаоллашувини Теҳроннинг Европа ҳукуматларига босим ўтказиш ва хориждаги иронлик мухолифат вакилларини қўрқитиш уринишлари билан боғлайди. Газета суҳбатдошларининг баҳолашича, жиноий воситачилардан фойдаланиш ҳужум ташкилотчиларини ҳамда уларнинг Ирон давлат тузилмалари билан бевосита алоқасини аниқлашни қийинлаштирмоқда.
Европа махсус хизматлари Ирон разведкасининг уюшган жиноий гуруҳлар билан ҳамкорлиги тизимли тус олаётганидан хавотирда. Шу билан бирга, Теҳроннинг суриштирилаётган алоҳида эпизодларга алоқадорлик даражаси турлича ва айбловларнинг бир қисми ҳозирча суд орқали ўз тасдиғини топмаган.