Бугун 30 октябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Путин Россиянинг Европа билан урушга тайёрлигини билдирди

Путин Россиянинг Европа билан урушга тайёрлигини билдирди

Владимир Путин Москва Европа билан эҳтимолий урушга тайёрлигини, бироқ қуролли можарога интилмаётганини маълум қилди. У бу ҳақда Москвада ўтган «Россия — Африка» саммитидан кейинги матбуот анжуманида Европа сиёсатчиларининг 2030 йилга бориб Россия билан уруш келиб чиқиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларига муносабат билдираётиб айтиб ўтди.

«Биринчидан, биз тайёрмиз. Аммо Европа билан урушни хоҳламаймиз. Агар кимдир буни хоҳласа, марҳамат, тайёрлансин», — деди Путин.

Унинг таъкидлашича, Ғарб Россияга стратегик мағлубият етказа олмади ва 2030 йилгача ҳам бунинг уддасидан чиқиши даргумон. «Агар иш жуда узоққа бориб етса, ғолибларнинг ўзи бўлмайди. Ҳеч ким буни ёддан чиқармаслиги керак», — дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, Путин Европа мамлакатлари нефть санкцияларини четлаб ўтишда фойдаланилаётган Россиянинг «соядаги флоти»га қарши чораларни кучайтираётган Балтиқ денгизида вазият кескинлашиши мумкинлигидан огоҳлантирди. У воқеаларнинг эҳтимолий ривожини Эрон билан уруш сабабли кемалар ҳаракати издан чиққан Ҳормуз бўғизидаги вазиятга қиёслади.

«Кимдир Балтикада ҳам Форс кўрфази ёки Ҳормуз бўғизидагидек вазият юзага келишини хоҳлаяптими? Биз буни хоҳламаймиз, лекин ҳар қандай чақириққа жавоб қайтарамиз», — деди Россия президенти.

Ушбу баёнотлар Путиннинг Финляндия президенти Александр Стубб ва Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре билан телефон орқали мулоқотидан икки кун ўтиб янгради. BILD маълумотларига кўра, суҳбат бир ярим соатга яқин давом этган ва унда Украинадаги уруш, Шимолий Европа хавфсизлиги ҳамда Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар муҳокама қилинган.

Киритилди: Бугун 16:22. Ўқилди: 816 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!