12 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур баҳсда трибуналар тўлиқ тўлишини кутмоқда.
ЎФА матбуот хизматига кўра, учрашув «Пахтакор» стадионида ташкил этилади. Чипталар Iticket.uz платформаси орқали сотилади, уларнинг нархи ва сотув бошланадиган сана тез орада эълон қилинади.
Ассоциация ўйин учун айнан ушбу арена танланганига ҳам изоҳ берди. «Пахтакор» стадиони яқинда реконструкция қилинган, «Бунёдкор»да эса майдон ҳолатини яхшилаш ишлари давом этмоқда.
Қайд этилишича, миллий жамоанинг уй учрашувлари мухлислар учун қулайлик яратиш мақсадида турли стадионларда ўтказиб келинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари шу пайтгача бир марта ўзаро тўқнаш келган. Тўрт йил аввал «Пахтакор» стадионида ўтказилган илк ўйин 0:0 ҳисобида якунланган эди.