Эрон расман МАГАТЭ (Халқаро атом энергияси агентлиги) бош директори Рафаэл Гроссини танқид қилиб, уни Исроилнинг “ноҳақ тажовузкор уруши”га ядровий инспекцияни хизматга сафарбар этганликда айблади.
МАГАТЭ аввалроқ Эронни Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро бошланишидан олдин ҳам ядровий дастури бўйича мажбуриятларга риоя қилмаётганликда айблаган эди. Шу асосда, агентликнинг Бошқарув кенгаши Эронни танқид остига олиб, унга расмий огоҳлантириш берган. Бу Эроннинг Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (ДНЙҚ) иштирокчиси сифатидаги мақомига асосланган эди.
Бироқ 18-июн куни Рафаэл Гросси France24 телеканалига берган интервьюсида олдинги баҳосини деярли рад этиб, МАГАТЭ “Эрон ядро қуроли яратиш устида бевосита иш олиб бормоқда, деб даъво қила олмайди”, деб баёнот берди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Эсмоил Бағаий X ижтимоий тармоғида Гроссини кескин танқид қилди. “Сиз ушбу жиноят уруши давомида қанча бегуноҳ эронликлар ўлдирилганини ёки майиб бўлганини биласизми? Ёлғон нарративлар оғир оқибатларга олиб келади, жаноб Гросси, ва улар жавобгарликни талаб қилади”, — деди у.