Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси «барча бомбаларнинг отаси» деб номланган янги қуролни тақдим этишга тайёргарлик кўрмоқда.
Корпус вакили Ҳусайн Моҳебби бу ҳақда маҳаллий SNNTV телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Биз «барча бомбаларнинг отаси»ни тақдим этишга тайёргарлик кўриш босқичидамиз. Бу душман учун янгилик», деди Моҳебби. У қуролнинг хусусиятлари ҳақида қўшимча маълумот бермади.
15 октябрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп энг катта ҳаво бомбаси - норасмий равишда «барча бомбаларнинг онаси» номи билан танилган GBU-43/B Massive Ordnance Air Blast ҳақида гапирганди. CNN манбаларга таяниб хабар беришича, Трамп ушбу бомбани Эрондаги ядровий иншоотларга қарши ишлатишни кўриб чиқаётган бўлиши мумкин.