АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат Олий судининг импорт божлари бўйича қарори унга аввалгидан анча кўпроқ ваколат берганини маълум қилди.
У бу ҳақда ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
Трампнинг фикрича, Supreme Court of the United States қарори “тасодифан ва ихтиёрсиз равишда” президент сифатидаги ваколатларини кенгайтирган.
“Қўшма Штатлар Олий суди мени, АҚШ президенти сифатида, аввалгидан ҳам каттароқ ваколат ва ҳокимият билан таъминлади”, — дея таъкидлади у.
Трамп айрим хорижий давлатлар “ўнлаб йиллар давомида АҚШни алдаб келганини” билдириб, эндиликда савдо лицензиялари орқали уларга босимни кучайтириш имконияти борлигини айтди.
20 февраль куни АҚШ Олий суди фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун президентга бундай тарифларни жорий этиш ҳуқуқини бермаслиги ҳақида қарор чиқарган эди. Шундан сўнг Трамп захира режадан фойдаланишини маълум қилди ҳамда аввал жорий этилган импорт божларини барча давлатлар учун 10 фоиздан 15 фоизга оширди.