Эрон Россия билан 500 миллион евролик қурол-яроғ етказиб бериш бўйича махфий битим тузди, деб хабар бермоқда Financial Times
Нашр бу ҳақда Россия ҳужжатларига ҳамда битим тафсилотларидан хабардор бир неча манбага таяниб хабар бермоқда.
Шартномага кўра, Россиянинг “Рособоронекспорт” давлат компанияси Эронга уч йил давомида — 2027 йилдан 2029 йилгача, 500 та “Верба” зенит-ракета мажмуаси ва 2,5 мингта 9М336 ракеталарини етказиб беради. Ҳужжатларда битта ракетанинг нархи 170 минг евро, учириш қурилмаси эса 40 минг евро деб кўрсатилган. Шартноманинг умумий қиймати эса 495 млн еврони (тахминан 586 млн доллар) ташкил қилади.
Нашр маълумотларига кўра, Теҳрон Москвага мазкур шартнома бўйича расмий сўровни ўтган йилнинг июл ойида Исроил билан “12 кунлик уруш” тугаганидан кўп ўтмай юборган. Бунга Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими сезиларли даражада заифлашгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.