Бугун 30 январь, 2026 йил, жума

O'ZB

Буюк Британия ва ОБСЕга аъзо яна 23 давлат Грузия бўйича миссия бошлашни таклиф қилди

Буюк Британия ва ОБСЕга аъзо яна 23 давлат Грузия бўйича миссия бошлашни таклиф қилди

Буюк Британия ва ОБСЕга аъзо яна 23 давлат Грузияга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни баҳолаш учун экспертлик миссиясини юбориш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда Грузиядаги Report бюроси хабар берди.

Маълум қилинишича, тегишли қўшма баёнот Буюк Британия ҳукуматининг расмий сайтида эълон қилинган. Ҳужжат Грузиянинг ОБСЕ олдидаги мажбуриятлари қандай бажарилаётганини ўрганиш мақсадида миссия ташкил этилишини назарда тутади.

Баёнотни Албания, Австрия, Бельгия, Босния ва Герцеговина, Канада, Чехия, Дания, Эстония, Финляндия, Германия, Ирландия, Исландия, Латвия, Лихтенштейн, Литва, Люксембург, Молдова, Черногория, Нидерландия, Норвегия, Словения, Украина, Швеция ва Буюк Британия имзолаган.

Миссия сўнгги пайтларда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар соҳасида рўй берган воқеаларни ҳужжатлаштириш, уларнинг фуқаролик жамияти, ОАВ эркинлиги, суд ҳокимияти мустақиллиги, сиёсий плюрализм ва қонун устуворлигига таъсирини баҳолаш, шунингдек, вазиятни яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Баёнотда таъкидланишича, Грузия ОБСЕга аъзо давлат сифатида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятлар олган. Бироқ мамлакатдаги сўнгги воқеалар ушбу мажбуриятлар бажарилаётганига жиддий шубҳалар уйғотмоқда. Хусусан, 2024 йил 28 октябрда Грузия парламенти томонидан етакчи мухолифат партиялари фаолиятини тақиқлаш жараёни бошлангани, шунингдек, мухолифатнинг тўққиз нафар етакчисига нисбатан айбловлар қўйилгани танқидга сабаб бўлган.

Баёнотни имзолаган давлатлар Грузия ҳукуматини миссия билан ҳамкорлик қилишга чақирган. Шу билан бирга, Россиянинг Абхазия ва Жанубий Осетиядаги давом этаётган ҳарбий ҳузури туфайли миссия фаолияти фақат Грузия ҳукумати назоратидаги ҳудудлар билан чекланиши қайд этилган.

Киритилди: 22:20 29.01.2026. Ўқилди: 188 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!