Бугун 29 январь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

8 нафар судланувчи АҚШ, Россия ва Украина президентларига мурожаат қилди

8 нафар судланувчи АҚШ, Россия ва Украина президентларига мурожаат қилди

Қрим кўпригидаги портлаш иши доирасида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган саккиз нафар судланувчи АҚШ, Россия ва Украина президентлари ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилди, деб ёзмоқда “Медуза”.

Маҳкумлар терактни ташкиллаштиришга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва улардан фойдаланилганини таъкидламоқда. Улар давлат раҳбарларини афв этиш, амнистия ёки сиёсий маҳбусларни алмашиш рўйхатига киритиш бўйича сиёсий қарорлар қабул қилишга чақирди. Жиноий иш иштирокчиларининг мурожаатини “Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш. Мемориал” ташкилоти эълон қилди.

"Биз оддий саккиз кишимиз. Ҳайдовчи, логист, тадбиркорлар. Ҳар куни эрталаб нон топиш, ижара ҳақини тўлаш, болаларни бағрига босиш учун уйғонадиганлар. Энди эса биз “террорчилармиз”. Умрбод қамоқ жазосига, Россия колонияларининг бетон қафасларида секин ва хўрловчи ўлим жазосига ҳукм қилиндик.

Биз ҳаммамиз оддий юк - қурилиш полиэтилен плёнкаси логистикасига алоқадор эдик. Кейинчалик маълум бўлишича, ўрамлар ичига портловчи қурилма ниқобланган. Бизнинг дахлдорлик даражамиз юкни ўтказиб юборган божхоначилар билан ва портлашда ҳалок бўлган ҳайдовчилар билан бир хил. Биз кундалик юмушлар билан шуғулланардик: кимдир юк ортади, кимдир машина ҳайдайди, кимдир омборни бошқаради. Лекин бу терроризм эмас! Ҳеч қайсимиз портловчи моддадан бохабар бўлмаганмиз. Уюшган жиноий гуруҳга ҳеч ким жалб қилинмаган. Ҳеч биримиз Украина махсус хизматларининг агенти эмас ва Украина Хавфсизлик хизмати режаларидан хабардор эмасдик!", дейилади мурожаатда.

2022 йил 8 октябрда Россияни аннексия қилинган Қрим билан боғлайдиган Керч бўғози устидаги кўприкда портлаш юз берганди. Бунинг оқибатида кўприкнинг икки секцияси сувга қулаб, темир йўл қисмида юк поездининг ёнилғи цистерналари ёниб кетди, кўприк бўйлаб транспорт ҳаракати тўхтатилган.

Портлаш натижасида 5 киши, жумладан, юк машинаси ҳайдовчиси ва унинг ёнида бўлган автомобилдаги 4 киши ҳалок бўлган. Россия ҳудуди ва ҳарбий кучларини таъминлайдиган муҳим транспорт артерияси шикастланганди.

Киритилди: Бугун 13:55. Ўқилди: 563 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!