Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон ҳар қандай тажовузга дарҳол ва қатъий жавоб беришга тайёрлигини билдирди.
Унинг айтишича, Эрон Қуролли кучлари тўлиқ шай ҳолатда, шунингдек, “12 кунлик уруш”дан олинган сабоқлар янада тез, кучли ва самарали жавоб бериш имконини беради.
"Бизнинг жасур Қуролли кучларимиз – қуруқлик, ҳаво ва денгиз, бизга қарши қаратилган ҳар қандай тажовузга зудлик билан ва қатъий жавоб беришга тайёр", — деди Ароқчи.
Шу билан бирга, Ароқчи Эрон ҳар доим ўзаро манфаатли, адолатли ва тенг ҳуқуқли ядровий келишув тарафдори бўлиб келганини таъкидлаган. Бундай битим Эроннинг тинч ядровий технологиялардан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаши ва ядровий қурол мавжудлигини истисно этиши лозим. Унинг сўзларига кўра, ядровий қурол Эроннинг хавфсизлик режалари таркибига кирмайди ва мамлакат ҳеч қачон уни қўлга киритишга интилмаган.