Бугун 11 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

Бухорода кучли сув тошқини ҳақида ёлғон хабар тарқатган шахслар аниқланди (видео)

A A A
Бухорода кучли сув тошқини ҳақида ёлғон хабар тарқатган шахслар аниқланди (видео)

Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларини сув босади, дея ёлғон уйдирма тарқатиб, одамлар ўртасида ваҳима уйғотган шахслар аниқланди. Бу ҳақда «Дарё»га Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Қувват Ярашов маълум қилди.

Бухорода жорий йилнинг 27 апрелида кучли шамол оқибатида содир бўлган табиий офатдан сўнг 28 апрелда «Қоракўл ва Олот туманини сув босади» деган норасмий хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, одамлар орасида кучли ваҳима уйғотди.

Маълум қилинишича, бунинг натижасида аҳолининг катта қисми оила аъзолари билан биргаликда яшаш манзилларини тарк этиб, турли автотранспорт воситалари орқали Жондор тумани ҳамда Бухоро шаҳри ҳудудига ўтиб кетишга ҳаракат қилган. Йўлларда жуда катта тирбандлик ва тартибсизлик ҳолати юзага келган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Олот ва Қоракўл туманларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида аҳоли орасида ваҳима уйғотган шахслар аниқланган.

«Айнан 28 апрель куни Қоракўл ва Олот туманларида содир бўлган табиий офат туфайли телефон алоқасининг ҳам бир муддат ишламай қолгани ёлғон хабар тарқатувчи шахсларни ўша соатларнинг ўзида аниқлаш имконини бермади. Бироқ тезкор гуруҳ саъй-ҳаракати билан бундай асоссиз ва ваҳимали хабар тарқатганлар 4 киши эканлиги аниқланди. Булар Қоракўл туманининг ‘Қувача’ маҳалласи фуқароси, 51 ёшли Мурот Раҳматов ва 25 ёшли Отамурод Маттиев, шу туманнинг ‘Янгибозор’ маҳалласида яшовчи 43 ёшли Раҳимжон Норбоев ҳамда Олот туманидаги ‘Жайхунобод’ маҳалласи фуқароси 42 ёшли Умар Назаров бўлган. Улар Туркманистондан оқиб ўтувчи ‘Тукрманобод’ каналидан сув тошқини кўтарилиб, Қоракўл ва Олот тумани ҳудудини сув босиши мумкинлиги тўғрисидаги ёлғон уйдирмаларни қўни-қўшнилари ва маҳалладошларига тарқатиб, аҳоли орасида ваҳима уйғонишига сабабчи бўлган», — деди «Дарё» мухбирига Қувват Ярашов.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари жараёнида бу шахслар ўзлари орқали тарқатилган асосланмаган хабар оқибатида халқ орасида ваҳима уйғонишига сабабчи бўлганини тан олган ҳамда халқдан кечирим сўраб, видеомурожаат тақдим қилган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан иш қўзғатилган.

Киритилди: 15:02 29.04.2020. Ўқилди: 5028 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!