Бугун 24 июнь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Бир гуруҳ ўзбекистонликлар Европанинг нуфузли стипендиясини қўлга киритди

Бир гуруҳ ўзбекистонликлар Европанинг нуфузли стипендиясини қўлга киритди

13 нафар ўзбекистонлик иқтидорли талаба Европа Иттифоқининг Erasmus Mundus қўшма магистрлик дастурига қабул қилинди. Бу ҳақда дастурнинг мамлакатимиздаги офиси хабар берди.

2025 йилги танлов натижаларига мувофиқ ғолиб деб топилган талабаларнинг 9 нафари қизлар, 4 нафари йигитлардир. Уларнинг 10 нафари тўлиқ Erasmus Mundus гранти асосида, 3 нафари эса ўз маблағи ҳисобидан (non-scholarship) таҳсил олади.

Талабалар ўз магистрлик таълимини жорий йил август-сентябрь ойларида Испания, Франция, Нидерландия, Германия, Португалия, Эстония, Дания каби давлатларда бошлайди.

Бу йил жамиятлар учун барқарор ахборот технологиялари, инновацион тиббиёт, картография, халқаро вакцинология, глобаллашган дунёда диний хилма-хиллик, Европа ҳуқуқи ва иқтисодиёти, киберфазо, хулқ-атвор ва электрон терапия, интеллектуал мулк ва маълумотлар ҳуқуқи, археологик материалшунослик, Европа атроф-муҳит иқтисодиёти ва сиёсати каби ўқув йўналишлари танланган.

Маълумот ўрнида: Erasmus Mundus – иқтидор эгаларининг таълим, касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ЕИ дастуридир. Қўшма магистрлик таҳсили доирасида ўқув дастури, саёҳат харажатлари, суғурта, визани қўллаб-қувватлаш, ойлик стипендия ва бошқаларни ўз ичига олган грант тақдим этилади.

Европа университетлари консорциуми томонидан ишлаб чиқилган ноёб магистрлик курслари доирасида талабалар билим олибгина қолмай, мезбон давлатлар билан танишиб, янги маданиятларни ҳам кашф этадилар.

Юртдошларимиз аввалги йилларда ҳам Erasmus Mundus қўшма магистрлик дастури стипендиясида ижобий натижаларни қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Европа парламентининг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Томаш Здеховский жорий йил апрель ойида юртимизга ташрифи чоғи ЕИ томонидан ўзбекистонлик талабалар учун ажратилган грант кўрсаткичи босқичма-босқич ошириб борилишини айтганди.

Киритилди: 16:21 21.06.2025. Ўқилди: 539 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!