«Бавария» ҳужумчиси Харри Кейн Англия Премьер-лигасига қайтишни истаса, клуб унинг бу хоҳишига тўсқинлик қилмайди. Бу ҳақда GOAL нашри хабар тарқатди.
Гарчи у "Бавария" учун муҳим футболчи бўлса-да, Кейнинг Англияга қайтиши ҳақида миш-мишлар бир неча бор тарқалган. Немис гранди 31 ёшли футболчидан айрилишни истамаса-да, Чемпионлар лигасида "Интер"га қарши ўйиндан сўнг унинг келажаги борасида муҳокамалар бошланган.
Маълум қилинишича, Кейннинг шартномасида бир йилдан кейин клубни тарк этиш имконини берадиган банд мавжуд. "Бавария" бу ҳолатга ҳурмат белгиси сифатида тўсиқ қўймаслиги айтилмоқда. Клуб Кейнинг ўйин даражасини юқори баҳолайди, аммо унда маълум бир "учқун" етишмаётганини ҳам таъкидламоқда.
Аввалроқ Кейн 2026 йил ёзда Англияга қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Германия чемпионатининг жорий мавсумида 31 ёшли Харри Кейн 28 та ўйинда майдонга тушиб, 24 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди. Кейн "Бавария"га 2023 йилда Англиянинг "Тоттенхэм" жамоасидан ўтган эди.