Япония авиачипталар агрегатори Sky Ticket тизимига рухсатсиз кириш натижасида тахминан 14 миллион фойдаланувчининг маълумотлари сизиб чиқди.
Бу ҳақда Япония жамоат телевидениеси хабар берди.
Ўғирланган маълумотлар орасида исмлар, электрон почта манзиллари, банк ҳисоб маълумотлари ва ҳатто пароллар ҳам борлиги таъкидланмоқда. Sky Ticketнинг ўзи ҳам ўғирланган маълумотларнинг аниқ миқдорини ошкор қилмасдан, бу ҳақда эълон қилди. Компания узр сўради ва фойдаланувчиларга паролларини ўзгартиришни сўраб электрон почта хабарларини юборганини маълум қилди.
Аввалроқ, 9 октябрь куни Book Off консигнация дўконлари тармоғида ҳам фойдаланувчи маълумотларининг катта миқдорда сизиб чиқиши ҳақида хабар берилган эди, унда тахминан 6,4 миллион фойдаланувчининг махфий маълумотлари ўғирланган эди.
Япония компанияларининг ахборот тизимларига рухсациз кириш ҳолатлари сони 2026 йилда рекорд даражага етди. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатдаги компаниялар, корхоналар ва давлат идораларига қилинган хакерлик ҳужумлари сони 600 тадан ошди — бу 2025 йилдаги барча кўрсаткичдан (593 та ҳодиса) кўп. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сунъий интеллектдан фойдаланиш муваффақиятли хакерлик ҳужумларининг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин, гарчи аниқ ҳодисалар билан тўғридан-тўғри боғлиқлик ҳали аниқланмаган бўлса-да. Сентябрь ойида бундай ҳужумлар сони ҳам кескин ошди, компаниялар фойдаланувчи маълумотларининг ўғирланиши ҳақида ҳар куни хабар беришди.