Ўзбекистон миллий футзал терма жамоаси бош мураббийи, испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар сабаб ўз хоҳишига кўра лавозимидан истеъфога чиқди.
Аввал хабар берилганидек, Мендес август ойининг сўнгги кунларидан буён юрак етишмовчилиги билан боғлиқ тиббий кўрик ва текширувлардан ўтиб келаётган эди. Дастлаб Тошкентда текширувдан ўтган мутахассис кейинчалик чуқурлаштирилган тиббий кўриклар учун Мадридга юборилди.
Испаниялик шифокорлар Мендесга маълум муддат профессионал фаолиятидан четлашиш ва жиддий даволаниш курсини ўташ зарурлигини билдирган.
Шундан сўнг Хосе Мария Мендес Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбариятига истеъфога чиқиш тўғрисида мурожаат қилди. Федерация унинг саломатлиги билан боғлиқ вазиятни инобатга олиб, мурожаатни қаноатлантирди.
Ўзбекистон футзал федерацияси мутахассисга даволаниш жараёнини муваффақиятли ўтказиш ва саломатлигини тўлиқ тиклаб олишини тилади.
Ўзбекистон миллий футзал терма жамоасига янги бош мураббий тайинлаш бўйича қарор қўшимча равишда маълум қилиниши айтилди.