Shell, BP, TotalEnergies, ConocoPhillips ва Chevron компаниялари раҳбарлари Лондонда бўлиб ўтган конференцияда минтақада сармоя киритишга тайёр эканликларини билдирган. Уларнинг фикрича, нефть захираларини нисбатан кам харажат билан қазиб олиш имконияти ортиб бораётган хавф-хатарлардан устун туради. Компания вакилларининг бир қисми дам олиш кунлари Эр-Риёдда ўтадиган Халқаро нефть конгрессида иштирок этади.
Айни пайтда инвесторларда Сурия ва, айниқса, Ироққа қизиқиш юқори. Бир қатор компаниялар Ироқ билан манфаатли шартномалар тузган, бошқалари эса бу борада музокаралар олиб бормоқда.
Шунингдек, компаниялар Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони хорижий инвесторлар учун қоидаларни юмшатиб, нефть конларига кириш имкониятларини кенгайтиришидан умид қилмоқда. Бу давлатларда юқори сифатли нефть захиралари мавжуд бўлиб, уларни қазиб олиш нисбатан осон.
Бўғозларда ҳарбий тўқнашувлар хавфи мавжудлиги сабабли компаниялар нефть қувурлари қурилишига ҳам сармоя киритишга тайёр.
Йирик нефть компаниялари жаҳонда нефтьга бўлган талаб келгусида ҳам ўсишда давом этишига ишонмоқда. Шу боис Яқин Шарқ ҳануз ушбу хомашёнинг энг муҳим етказиб берувчи минтақаларидан бири бўлиб қолмоқда.