Бугун 2 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

АҚШ Украина орқали Европага Россия гази етказиб беришни қайта тиклашга уринмоқда

АҚШ Украина орқали Европага Россия гази етказиб беришни қайта тиклашга уринмоқда

АҚШ қиш мавсуми арафасида «энергетик сулҳ»га эришишга қаратилган музокаралар доирасида Украина ҳудуди орқали Россия газини Европага етказиб беришни қайта тиклаш ташаббуси билан чиқмоқда. Бу ҳақида The Wall Street Journal нашри манбаларга таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва америкалик етакчининг куёви Жаред Кушнер ушбу таклифни сентябрь ойида Москва ва Киевга ташрифлари чоғида илгари суришган. Режага кўра, Россия газини АҚШ воситачи компанияси орқали сотиш кўзда тутилган бўлиб, бу Европа санкцияларини четлаб ўтиш ва америкалик инвесторлар учун янги имкониятлар яратиш имконини беради. Ҳавола қилинаётган лойиҳада газ сотувидан тушадиган маблағларни Учинчи давлатдаги махсус ҳисобда сақлаш, шу орқали Москванинг ушбу даромадларни ҳарбий мақсадларга йўналтиришига йўл қўймаслик таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, Вашингтон кенгроқ келишувнинг муҳим элементи сифатида «Шимолий оқим» қувури фаолиятини қайта тиклаш имкониятларини ҳам ўрганмоқда.

Ушбу ташаббуслар фонида Европа энергетика бозорида кескин вазият юзага келган:

  • Нархлар ўсиши: Жорий йил бошидан бери ЕИда газ нархи 3,6 бараварга ошиб, жаҳон бозорларида энг кўп қимматлашган товар бўлди.

  • Рекорд кўрсаткич: Ўтган жума куни биржада газ нархи 2022 йил 20 декабридан бери илк бор минг кубометр учун 1 200 доллардан ошди.

Вазиятнинг оғирлашишига Яқин Шарқдаги можародан ташқари, ЕИ Кенгашининг Россия энергетика ресурслари импортидан босқичма-босқич воз кечиш қарори ҳам таъсир кўрсатмоқда. ЕИда 2027 йилнинг январидан РФ суюқлаштирилган гази (СУГ) бўйича узоқ муддатли шартномаларга, ноябрь ойидан эса қувур орқали етказиладиган газга тўлиқ тақиқ кучга киради. Қисқа муддатли битимлар бўйича чекловлар эса аллақачон амал қилмоқда.

Киритилди: Бугун 13:10. Ўқилди: 250 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!