Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ директори Жон Бреннан ва Федерал қидирув бюросининг собиқ директори Жеймс Коми АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россия билан алоқалари ва Москванинг 2016 йилги сайловларга аралашувини ўрганиш чоғида содир этган қонунбузарликларни текширмоқда. Бу ҳақда Fox News телеканали АҚШ Адлия вазирлигидаги манбаларга таяниб хабар берди. Уларнинг маълумотларига кўра, ФҚБ улар Конгрессга ёлғон кўрсатма берганми ёки йўқлигини ҳам текширади. Марказий разведка бошқармасининг амалдаги директори Жон Рэтклифф ФҚБ директори Кэш Пателга Бреннан томонидан содир этилган қонунбузарликлар ҳақида далиллар келтирди. Федерал қидирув бюроси Бреннан ва Коми жиноий тил бириктирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.