АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтон маълум шартлар бажарилган тақдирда Эроннинг ядро энергиясидан фойдаланишига рухсат беришга тайёрлигини билдирди.
Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитасидаги эшитувда сўзга чиққан Рубионинг таъкидлашича, Эронда тинч мақсадларда ядро энергиясидан фойдаланишни таъминлаш учун зарур механизмлар мавжуд.
«Агар Эрон ядро энергиясига эга бўлишни истаса, буни таъминлаш механизмлари бор. Дунёда ядро энергиясидан фойдаланадиган, аммо уранни бойитмайдиган давлатлар кўп. Улар, албатта, уранни 60 фоизгача бойитмайди ва бу ишларни ер остида ёки яширин ҳолда амалга оширмайди», — деди у.
Марко Рубионинг фикрича, муаммо Эроннинг ядро энергиясига эҳтиёжи эмас, балки унинг ҳаракатлари ядровий қурол яратишга интилаётган давлат хатти-ҳаракатларига ўхшаб кетишидадир.
«Агар уларга ядро энергияси керак бўлса, бунга эга бўлишлари мумкин. Бунинг учун халқаро механизмлар мавжуд. Аммо Эроннинг барча ҳаракатлари ядровий қурол ишлаб чиқишга интилаётган мамлакат ҳаракатларига мос келади», — деди АҚШ Давлат котиби.