Эрон олий раҳнамоси Мужтабо Хоминаий мамлакат қуролли кучларига ҳар қандай ташқи таҳдидга зудлик билан ва географик чекловларсиз жавоб қайтариш бўйича кўрсатма берди.
31 октябрь куни юқори мартабали ҳарбий қўмондонлар билан ўтказилган учрашувда Хоминаий мудофаа салоҳиятини кучайтириш, ҳарбий разведка тизимини такомиллаштириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
«Душман яна ҳарбий ёки террорчилик ҳужумларини бошласа, уларнинг қачон ва қандай шартларда тугашини Эрон қуролли кучлари ва халқи ҳал қилади», — деди у.
Эрон раҳбари эҳтимолий ҳарбий нишонлар рўйхатини қайта кўриб чиқишни ҳам буюрди. Унинг кўрсатмасига мувофиқ, АҚШ ва Исроилнинг моддий ҳамда номоддий активлари Эрон қуролли кучлари учун эҳтимолий нишонлар қаторига киритилиши керак.
Хоминаий ҳарбий тўқнашувларнинг олдини олиш учун мамлакат доимий жанговар шайликни сақлаши зарурлигини билдирди.
Мазкур баёнот АҚШ ва Исроил билан ҳарбий қарама-қаршилик қайта кучайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар фонида янгради.