Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан Туркияда учрашишга тайёр эканини маълум қилди.
Украина етакчиси бу ҳақда CNN Türk телеканалига берган интервьюсида айтди.
«Мен Туркия президенти [Режеп Таййип] Эрдоғаннинг Путин билан алоқалари борлигини биламан. Шу сабабли биз Туркияда учрашув ўтказишни қўллаб-қувватлаймиз. Аммо бу ерда жуда муҳим жиҳат бор. Сиз айтганингиздек, Туркияда аллақачон кўплаб учрашувлар бўлиб ўтди, Бирлашган Араб Амирликларида ҳам техник гуруҳлар ва делегациялар ўртасида музокаралар ўтказилди. Турли натижаларга эришилди, аммо уруш давом этмоқда», — деди Украина президенти.
Унинг таъкидлашича, агар етакчилар учрашувидан кейин ҳам олға силжиш кузатилмаса, саволлар янада кўпаяди ва бу ҳолат дипломатиянинг мағлубияти сифатида баҳоланади.
«Чунки техник гуруҳлар учрашганда, натижага эришишда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Аммо мен етакчилар сифатида ўз хоҳиш-иродамизни намоён этсак, ҳал қила олмайдиган муаммо бор деб ўйламайман. Шу сабабли мен айнан қарор қабул қилувчи шахслар сифатида учрашишни истайман», — дея қўшимча қилди Зеленский.