Бугун 13 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Зеленский: Путин 60 кунлик сулҳга рози бўлса, Украинада сайлов ўтказилади

Зеленский: Путин 60 кунлик сулҳга рози бўлса, Украинада сайлов ўтказилади

Украина президенти Владимир Зеленский Россия раҳбари Владимир Путин 60 кунлик тўлиқ ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, мамлакатда сайловлар ташкил этилиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда у ABC News журналисти Жонатан Карл билан суҳбатда айтди.

Зеленскийнинг таъкидлашича, сайлов қачон ўтказилиши ва кимга овоз беришни Украина халқи ҳал қилади. У Россия раҳбари Украина президенти алмашишини исташини тушунишини ҳам қайд этди.

«Агар президент Дональд Трамп сайловлар ўтказилиши бўйича ўзгаришларни истаса, бу масалани унинг жамоаси билан муҳокама қилганман. Шунинг учун, илтимос, Путинга айтинг: бизга икки ой — 60 кун берсин. Шу муддат давомида тўлиқ сулҳга эришайлик ва сайловларни ташкил қиламиз. Биз халқимизнинг, хусусан, Украина фуқароларининг ҳар қандай танловини қабул қилишга тайёрмиз», — деди Зеленский.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Украинада Россия билан келишувга эриша оладиган янги раҳбар сайланиши кераклигини айтган эди. Унинг фикрича, Зеленский аввалроқ ҳам келишувларга эришиши мумкин бўлган, аммо буни амалга оширмаган.

Трамп, шунингдек, Украина томонининг Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига ҳужумларини танқид қилган. У бундай объектларга зарбалар жаҳон миқёсида муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини билдирган.

Бунга жавобан Зеленский Киев Россия энергетика инфратузилмасига ҳужумларни фақат Москва Украина энергетика объектларига зарба беришни тўхтатган тақдирдагина тўхтатишини айтган.

11 октябрь куни Трамп Россия ва Украина ўртасида энергетика соҳасида сулҳга эришилганини эълон қилган эди. Дастлаб Зеленский бундай келишувдан хабари йўқлигини билдирган. Кейинчалик эса Украина Россия энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатишга тайёрлигини тасдиқлаган ва Украина Қуролли кучларига тегишли буйруқлар берилганини маълум қилган.

Киритилди: 17:26 12.10.2026. Ўқилди: 404 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!