Россия Ички ишлар вазирлиги айрим хорижлик ишчиларни рус тили, Россия тарихи ва мамлакат қонунчилиги асослари бўйича имтиҳон топширишдан озод этишни таклиф қилди. Бу ҳақда вазирлик ишлаб чиққан қонун лойиҳасига таяниб, “РБК” хабар берди.
Таклиф Россиянинг махсус ҳудудларида фаолият юритувчи компанияларда ишлаш учун рухсатнома олган хорижликларга тааллуқли. Бу ҳудудлар устувор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳудудлари деб аталади.
Амалдаги тартибга кўра, чет элликлар иш рухсатномасини олиш учун, одатда, рус тилини билиши, Россия тарихи ва қонунчилиги асосларидан хабардорлигини тасдиқлаши керак. Янги қонун лойиҳаси эса имтиҳондан озод этиладиган хорижликлар рўйхатини кенгайтиришни назарда тутади.
Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, бундай махсус ҳудудлар мамлакатнинг бир тармоққа ихтисослашган шаҳарлари, ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмалари, шунингдек, Узоқ Шарқ ва Арктика минтақаларида жойлашган. Жумладан, Узоқ Шарқда 16 та, Арктикада эса 2 та шундай ҳудуд мавжуд.
Лойиҳа муаллифларининг фикрича, бу ўзгаришлар инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратиб, мазкур ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини тезлаштиради.
Ҳужжат Россиянинг “Чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш киритишни назарда тутади. Қонун лойиҳаси бош вазир ўринбосари, президентнинг Узоқ Шарқ федерал округидаги вакили Юрий Трутнев раҳбарлигида 2026 йил 29 апрелда ўтказилган йиғилиш баённомаси асосида ишлаб чиқилган.
Ҳозирча бу фақат қонун лойиҳаси бўлиб, имтиҳон талаби барча хорижликларга бекор қилингани йўқ.