Ижтимоий тармоқларда MrBeast Самарқанддан Тошкентга шошилинч кетгани, Бухоро ва Хивага сафари бекор қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бироқ Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси унинг кетиши аввалдан режалаштирилганини билдирди.
Жамғарма маълумотига кўра, блогер фақат Тошкент ва Самарқандга боришни режалаштирган, Бухоро ва Хивада эса унинг жамоаси тарихий обидаларни тасвирга олади.
Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаев ҳам блогернинг ўзи шаҳарга бормагани, у ерга фақат тасвирга олиш гуруҳи келганини маълум қилди.
MrBeast Ўзбекистонда мухлислари бунчалик кўп бўлишини кутмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, машинаси ортидан мингдан ортиқ одам эргашган, милиция ёрдамисиз ҳаракатланиш қийинлашган.
Блогер мухлисларга миннатдорлик билдирган, бироқ уларнинг эътибори жамоасига қийинчилик туғдираётганини айтган.
“Балки, менинг бу ерда бўлишим мамлакат учун ортиқча ташвиш туғдираётгандир. Эҳтимол, кетишимизга тўғри келар”, — деган у.